Ҳиндистонда чанг бўрони ва жала вақтида улкан реклама баннери қулаб тушди, оқибатда камида 14 киши ҳалок бўлди, ўнлаб одамлар жароҳатланди. Маҳаллий ҳокимият вакиллари 250 тонналик билборд ноқонуний равишда ўрнатилганини айтди.
Самарқанд ва Жиззах вилоятларида юз берган кучли шамол 130 мингдан ортиқ истеъмолчини электрсиз қолдирди. Уй ва биноларнинг томлари учиб кетди. Қашқадарёда ҳам айрим объектларга зарар етган. Чанг бўрони туфайли Тошкентдан Бухорога учган самолёт аэродромга қўна олмай, пойтахтга қайтишга мажбур бўлди.
Самарқанд вилоятида кучли шамол сабаб электр таъминоти ўчирилди. Энергетика вазирлиги бу хавфсизликни таъминлаш мақсадида амалга оширилганини маълум қилди.
ИИВ Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати Ўзбекистон аҳолисидан автомобилларни дарахт ёки кучли шамолга чидамсиз воситалар яқинида қолдирмасликни сўради. ФВВ эса кучли шамол вақтида амал қилиш зарур бўлган хавфсизлик чораларини эслатиб ўтди. Ўзгидромет маълумотига кўра, шамол тезлиги 18−23 м/с гача кучайиши кутилмоқда.
Қашқадарёнинг қатор туманларида кучли шамол биноларнинг томини учириб, симёғочларнинг қулашига сабаб бўлди. Уч киши жароҳатланди. Аввалроқ, вилоятнинг Деҳқонобод туманида 3 кишини яшин ургани, улардан бирининг вафот этгани хабар қилинган эди.
Жиззахда кучли шамол кўп қаватли уйларнинг томини учириб юборди. Томларнинг ерга тушиши оқибатида иккита машинага зарар етди. Навоийнинг Учқудуд туманидаги бир нечта маҳаллаларда ҳам кўп қаватли уйлар зарар кўрди. Ҳодиса оқибатида қурбонлар йўқ.
Тошкентда кучли шамол натижасида Малибу русумли автомашинанинг устига дарахт қулади. Маълум қилинишича, машинани бошқарган қиз жароҳат олган. Ижтимоий тармоқларда об-ҳавонинг бошқа таъсирлари, жумладан, ер усти метроси станциясининг томига қисман зарар этказилгани ҳақидаги кадрлар жойлаштирилди.
Кучли шамол натижасида Хонқа тумани жиноят ишлари бўйича суди биносининг томи қулаб тушди.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг